Журналист бўлиш учун албатта «журналистика»да ўқиш шартми?!

Fozilbek Yusupov
5
O’rtacha: 5 (1 ovoz)

Ҳозирги кунда журналист бўлиш учун албатта ушбу соҳага ихтисослашган университетда ўқиш керакми?..

Мен — журналистман. Интернет журналисти. Тўғрисини айтсам ушбу соҳада иш бошлаган вақтларимда бу сўзни айтишга ийманардим, худди ёлғон гапирган одамдек. Чунки журналистика бўйича ҳеч қандай маълумотга эга эмасман, яъни на ўрта таълим ва олий таълимда йўлларимиз кесишган эмас. Лекин ушбу соҳага қадам қўйгач билдим-ки, менданда баттар (билимсиз, тажрибасиз) «ҳамкасблар» кўкрагини кериб «журналистман» дер экан, нега энди мен айтмай?!

Яқинда «Facebook» ижтимоий тармоғида бир мунозара озгина чайналди. Эмишки, ҳақиқатда журналист дипломига эга бўлмаганлар ушбу соҳада ишлашга нолойиқ экан. Чунки тарқалаётган бўлар-бўлмас хабарлар, янгиликларга биз каби ишчилар айбдормуш. «Нега биз сизларнинг — тиббиёт, ҳуқуқшунослик, механика, дастурлаш ва бошқа шу турдаги соҳаларингга аралашмаймизу, сизлар бизнинг журналистикага аралашасизлар? Ўз соҳангизни эплай олмайсизда, бизни соҳада нимани қойиллатардинглар? Мен ўз соҳамни бошқалардан қизғонаман, шундай экан журналистлик дипломи бўлмаган одам менинг соҳамда менданда юқорироқ лавозимда ишласа алам қилади, албатта. Мутахассислигингиз бўйича яхши ўқимаган бўлсангиз ва ўз соҳангизда омадингиз келмаган бўлса дарров ўзингизни журналистикага уришингиз керакми?...» — бу умидли журналистларимиздан бири томонидан юқорида айтиб ўтилган мунозарага қолдирилган изоҳ.

Мен инженер технологман. Техника университетининг «Механика-машинасозлик факультети»да «Машинасозлик технологияси» йўналиши бўйича тахсил олганман. Диплом ишимни мавзуси «Редуктор корпуси деталига агрегат резьба қирқиш станогининг компановкасини ишлаб чиқиш». Ҳурматли дипломли журналист дўстим, сиз редуктор нималигини биласизми? Тўғри, билишингиз ҳам шарт эмас. Мутахассислигимиз аниқ фанлар, жумладан, математика, назарий механика, машина-механизмлар назарияси, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш каби фанларга ихтисослашгани сабаб (бу 2 курсда ўтган фанларимиз, 3—4-курдагиларни айтсам, тилингиз келишмайди) доим рақамлар ва фактлар ичида яшаганмиз. 2200 киши ўқийдиган факультетда «AutoCad» ва «Compas»дан профессионал даражада бўлмаса ҳам, бошқаларга нисбатан яхшироқ биладиган иккита бола бўларди. Шулардан бири камина, иккинчиси мени курсдошим. Қанчалик нокамтарлик бўлмасин курдошимга «Compas» дастурида ишлашни мен ўргатганман. Ўзи бу қанада дастур? «Photoshop»га ўхшаган нарсадурда дерсиз. Йўқ, бу дастурлар орқали сизга исталган машинанинг эҳтиёт қисмларини 2D ва 3D ўлчамда чизиб бериш, қураётган уйингизга қанча ғишт ва цемент кетишидан ториб, унинг эшигига қандай қулф ўрнатса яхшироқ бўлишини ҳисоблаш ҳамда чизиш мумкин бўлган дастурлар. Юқорида айтган курсдошим, ҳозирда айнан шу йўналиш бўйича Турин университетида дарс бермоқда. Ўзбекистонга, хусусан, ТДТУ университетига олиб келинган илк 3D-принтерлардан биз фойдаланиб (бирор кишининг ёрдамисиз, бир ҳафта интернет орқали ўқиб) 16М болтини ясаганмиз…

Мен эса ҳозирда интернет журналистиман ва ўзимнинг ишимни яхши кўраман. Агарда бирор кун кетимга бир тепиб «қўлингдан келадиган ишни қил» деб ҳайдаб юборишса, шубҳасиз бирорта ишлаб чиқариш корхонасига бориб нонимни топиб кетавераман.

Энди бир ўйлаб кўринг, менга ўхшаганлар қанча?! Улар ўз соҳасини жуда яхши билади, лекин «Ватанимиз мустақиллика эришганининг шарофати билан…», «Бизга яратилган кенг имкониятлардан…», «Шундек буюк диёрда яшаб турганимдан…» шаблон жумлалардан нарига ўта олмайдиган «журналист»ларнинг мақолаларидан «юраклари сел бўлиб» қўлига қалам олишга мажбур бўлгандир балки…

Журналистика — бу одамдан ижтимоий фаолликни талаб этади. Тепса-тебранмас, ўз курсисидан нарини кўрмай қолган, кўчага чиқиб бироз бўлсада халқнинг аҳволини кузатмаган одам журналистми? Сизлар бўлса, ўз хоҳиши билан (текинга) ҳаётидаги муаммоларни моҳирона мақола ёки пост шаклида ёзиб, жамоатчилик эътиборини тораётган фуқароларни ўз нонингизга шерик сифатида кўриб, уни ҳайдаб чиқармоқчисиз.

Журналистика — бу ижод. Ижод чегара билмас экан, нега энди ижодкор чегараланиши керак?!

Қуйида дунёга таниқли журналистларнинг ушбу соҳа мутахассисига айланиш учун ўқиш ёки тажриба муҳимлиги борасида билдирган фикрлари билан бўлишаман.

Жоан Дидион, ўз романлари ва адабиёт журналистикаси бўйича дунёга танилган америкалик журналист

1956-йилда Берклидаги Калифорния университетини инглиз тили санъати мутахассислиги бўйича тамомлаган. Кейинроқ «Vogue» мода журнали томонидан ҳомийлик қилинган эсселар танловида иштирок этган. Танловда ғолиб бўлиб, журнал таҳририятига ассистент лавозимида ишга қабул қилинган.

Гарвард университетининг фахрий доктори лавозими ва бир қатор мукофотлар билан тақдирланган. Дипломсиз журналист.

Олеся Герасименко, «Коммерсант» газетасининг махсус мухбири

Мен Москва давлат университетининг филология факультетида ўқиганман, адабиёт бўйича ўқитувчим «бироз бўлсада билимга эга бўлишни истасам» журналистика факультетини эмас, айнан филологияни танлашни маслаҳат берган. Мен унинг тавсиясига амал қилдим ва кам бўлмадим.

Беш йил журналистикага олий таълим муассасасида ўқиш — бу қарама-қарши ғоядек, чунки журналистика амалиётга боғлиқ соҳа ҳисобланади, худди ҳайдовчилик ёки тикувчилик каби. Қанча кўп машина ҳайдасанг ёки шим тиксанг, шунчалик яхшироқ уддалайсан. Ҳақиқатда ўрганиш керак бўлган нарса — бу амалиёт ичида юрган мухбирларнинг тажрибаси. Американинг журналистика мактаблари айнан шу асосда яратилган: у ерда деярли барча дастурлар 1—2 йилдан ошмайди ва тажриба алмашишга асосланган. Таълим берадиганларнинг барчаси эса ОАВларда фаолият юритади.

«Ҳақиқатгўй журналист қаерда ишлаши керак?»мазмунидаги саволларга умуман тушунмайман. Ушбу соҳани одамлар пул учун ёки барқарорлик учун танлашмайди. Менинг идеал оламимда журналистикани ахборот, матн, белгиланган ҳаёт тарзининг ишқибозлари танлайди. Шу сабабли ОАВ бозоридан аслида сиёсатчи, ёзувчи, шоумен, пиар-директор ёки тадбиркор бўлишни истаган одамларни тозалаш керак. Ҳақиқий журналистнинг жойи таҳририятда, минбарда эмас.

Александ Плюшев, «Эхо Москви» радиостанциясининг бошловчиси

Менинг маълумотим ўрта, шунингдек, Россия кимё-технологиялар университетининг 5 та семестрини тамомлаганман. Менимча, бу тугалланмаган олий дейилса керак. Ўйлаб қарасам, медиа соҳасида муваффақиятга эришишимда айнан олий маълумотга эга бўлмаганлигим ёрдам берган экан.

Менинг бошимда ҳеч қандай назария, миямга қуйиб қўйилган қолиплар бўлмаган, ҳаммасини бирданига амалиётдан бошлаганман. Тўғри баъзида базавий билимлар ҳам керак бўлган, масалан, жаҳон адабиёти ва тарихдан етарлича маълумотга эга бўлмаган ва ҳозирга қадар бу борада қийналаман. Аммо айнан олий маълумотим йўқлиги сабаб ишга қабул қилиш жараёнида менга ҳеч қачон рад жавобини беришмаган.

Ўқиш — бирорта яхшироқ нашриётда амалиётни ўташ учунгина керак, деб ҳисоблайман.

Андрей Козенко, «Медуза» нашрининг махсус мухбири

Мутахассислигим филолог-лингвист. Биринчи иш жойимда муҳарририм шундай деган эди «университетда ўқиган барча нарсаларингни унут. Барчасини бошидан бошлаймиз».

Ҳозирдаги мавқеимга «журналисика оталари» ва бир неча супер муҳаррирлар сабабли эришганман.

Светлана Миронюк, «РИА Новости» нашрининг собиқ бош муҳаррири

Мен Москва давлат университети қошидаги география факультетини тамомлаганман. «Журналистика факультетида беш йил ўқиб журналистга айланиб қолсан» деган тушунча бу ота-боболариздан қолган «эртак».

Тажрибамдан шуни биламанки, энг яхши журналистлар — ҳар қандай соҳанинг базавий билимини билган одамлар, хоҳ у иқтисодиёт бўлсин, хоҳ табиий фанлар. Базавий билим техник ёки гуманитар бўлса яхши, иккинчи ўринда — журналистика.

Журналистликка ўқиш — бу «ортиқча» иккинчи таълим. Мактабни битирганингдан сўнг, сенга беш йил ёзишни ва ёзиб олишни ўргатишади, аммо сенда дунёга айтадиган ҳеч нарса йўқ, сенда на тажриба, на билим бор.

Бизга ишга келган журналистика факультетининг битирувчиларини бошқатдан тарбиялишимиз учун яна бир йил кетади. Журналистикада назария билан амалиёт тубдан фарқ қилади. Мен шундай одамларни учратганманки улар ажойиб журналист, бироқ ташкилотчи эмас, яна шундайлар борки улар ажойиб ташкилотчи, аммо журналист эмас. Билим олиш керак, фақат керакли билимни, масалан, мен ҳозирда иқтисод ва менежмент бўйича таълим олмоқдаман.

Андрей Коняев, илм-фанни ёритиб боришга ихтисослашган «Образовач» нашрининг асосчиси

Мен ихтисослигим бўйича математикман. Дипломимда худди шундай ёзилган. Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Механика-математика факультетини тамомлаганман.

Журналистликка ўқиш шарт эмас. Журналистика — бу шунча йил вақтни сарфлашга арзийдиган соҳа эмас. Умуман олганда барча керакли нарсани ана боринг 2 йилда ўрганса бўлади. Мен ўқишга кириб ўтирмасдан, тўғри қаергадир ишга боришингизни тавсия қиламан, ҳақиқий профессионаллар қўлидаги амалиёт ўрнини ҳеч қандай назария боса олмайди.

 

Izohlar

Bakhtiyor Sheraliev's picture
5

Blogpostdan orginallik hidi ufurib turibdi. Fozilbekdan bundan boshqachasini kutish ham mumkin emasdi axir. Shu bois ortiqcha kommentga hojat qoldirmasdan blogpostni a'loga baholadim. Bundanda ajoyib maqolalarni kutib qolaman.