КИМ ЁКИ НИМА АЙБДОР?!

Nurbek Yuldashev
5
O’rtacha: 5 (1 ovoz)

Мақола сарлавҳасига қараб яна танқидий руҳдаги бўлса керак, деб ўйлайди киши. Гарчи учига чиққан пессимист бўлмасамда, лекин танқид келажак меваси эканлигини кўп бора шоҳиди бўлганман. Ўзи умуман ушбу мақолада келтирилган ҳолатлар ҳозирда кўпчиликни кўз ўнгида бўлаётгани ва ортиб бораётгани сабабидан клавиатура тугмаларини безовта қилишга мажбур бўлдим. Бу фақат мени шахсий фикрим ва кузатишларим натижаси. Агар орттириб, бўрттириб юборган бўлсам, бу фақат одамни хурсанд қилади. Ёшларнинг ўзини тутиши Касбим тақозоси билан мана 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида ёшларга ўз мутахассислигим бўйича таълим бериб келмоқдаман. Олийгоҳларда ҳам академик лицейларда ҳам таълим бераман. Ҳатто талабалик пайтимда пойтахтдаги мактабларда ҳам бу касб нонини татиб кўрганман. Демоқчиманки, кўз олдимдан нафақат пойтахимизнинг, балки республикамизнинг маълум бир ёшдаги авлодлари ўтишмоқда. Келинг, кўча-кўйда, жамоат транспортларида ва ҳаттоки ўқув масканларида бир эътибор қилинг, ҳозирги ёшларнинг баъзилари гуёки чойхона ёки бир гуруҳ тенгдошлар ҳеч ким йўқ тоғу-тошда кўнгилхўшлик қилаётгандек ўзларини тутишади. Бемалол, бир-бирлари билан қўпол гаплар орқали, ҳаттоки яқин қариндошларини эслаган ҳолда гаплашаётганларига гувоҳ бўласан киши. Мабодо эътироз билдирилса ҳам норози қиёфада ғулдираб қўйганларини кўп бор гувоҳи бўлганмиз. Жамиятимизда машҳур бир ёзувчимиз айтганларидек: “замонавий ёшлар мисоли саҳнада қўйилаётган асарга ўхшайди, икковига ҳам аралашиш мумкин эмас”, деган тамойил бўйича иш олиб борилаяпти шекилли, бундай ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Саломлашиш қоидаси Ёшлардаги яна бир кескин ўзгараётган салбий ҳолат — саломлашишнинг камайиб бораётгани, борган сари сўраб олаётганимиз, ёшлар салом-алигининг “антиқа” кўринишлари урчиб кетаётганидир. Иккита ёш ўсмирнинг кўришишини кузатсангиз, мисоли Америка репперларига ёки кинолардаги баъзи актёрларга тақлид қилаётгандай хаёлимда. Исломда инсон биродари билан узоқ вақт кўришмаган бўлса, бағрига босиб қучоқлашиб, агар тез-тез кўришиб турадиган бўлса, икки қўлни кафтлари билан қисиб кўришиш таъкидлаб келинган. Аммо ҳозирда нафақат ёшларимизда, балки катталарда ҳам ўзига хос ритуаллар, таъбир жоиз бўлса, “шохлашишлар” мавжудлиги учун бу ҳолатнинг ёшларда урф бўлаётганига эътироз билдириш ножоиздек. Аммо бу ерда ёшларнинг катталарга салом бериши билан боғлиқ ҳолатларнинг камайиб кетаётганига эътиборни кўпроқ қаратиш лозимлигини таъкидлаган бўлардим. Ёши катталарга жой бермаслиги Ҳар куни жамоат транспортларига чиқамиз. Яхши тарбия кўрган ёшларнинг дарров туриб жой бериши ошкора ва пинҳона бўлсада унинг ота-онасини, тарбия берган инсонлари ҳақига дуо ўқиб қўйишга мажбур қилади. Аммо, мен юрадиган метро ва автобус йўналишлардаги ёшларнинг аксарияти ёки чарчаган бўлади, ёки телефонда қизиқ ўйиндан чалғигиси келмайди. Бу мақолани ёзиш фикрига келганимдан сўнг икки ҳафта давомида пойтахт метросида ва иккита автобус йўналишларида ўзимча кузатув олиб бордим. Ва натижада юқорида мақталган ёшлардан кўра чарчаганлар кўпроқ эканлигини шоҳиди бўлдим. Агар фикримга қўшилмай, аксинча дейдиган бўлсангиз, бундан фақат хурсанд бўлардим. Айбдорлар ким ёки нима? Хўш, ёшлардаги бундай хислатларнинг шаклланишига ким ёки нима айбдор? Уларни ичида юқорида санаб ўтган салбий хислатларга эгалари кўплигининг асосий сабабчиларини аниқлашнинг иложи борми? Ижтимоий тармоқларда, ОАВда, атрофимдаги ёши каттароқ инсонлардан эшитган фикрларимда бу саволларга турли хил жавобларни олдим. Мана, баъзилари: - ёшларда салбий характернинг шаклланишига асосий сабаб уйида ота-она тарбияси ва улар эътиборининг сустлиги; - тарбиянинг ёмонлашувига сабаб исломий тарбиянинг пасайтириб юборилганлиги; - ёшлар тарбиясини бузадиган энг асосий омил — интернет, ижтимоий тармоқлар, ОАВда тарбиянинг салбийлашувига олиб келувчи “ибратли воқеалар”; - ёшларнинг салбий характери шаклланишига атрофидаги, қўув юртидаги тенгдошлари сабабчи, шунингдек, таълим масканидаги устозлари; - ёшларнинг салбий характерига уларнинг китоб ўқимаслиги, борган сари китобдан узоқлашаётганлиги ва ҳок. Аслида бу кимни вазифаси? Дарҳақиқат, ёшлар тарбияси кимнинг гарданида: ота-она, устоз, маҳалла жамоатчилиги... Менимча ёшлар тарбиясига эътибор қаратиш ҳаммамизнинг бурчимиз бўлиши керак. Бугундан бошлаб, биламан кўпчилик аллақачон бошлаб юборган, ҳаттоки, бир неча аждодлари кўпчиликка ўрнак бўлган инсонлар орамизда бўлсада, келинг ёшларга катталар кўзи қувнайдиган одоб беришни бошлайлик. Келинг, маҳалламиз, ўқув юртимиз, оиламиз аъзоларининг юзини ерга қаратмайдиган фарзандлар тарбиялашни янада бардавом қилайлик. Келинглар ҳар биримизнинг оиламиздан, авлодларимиздан барчага намуна бўладиган, одобу-аҳлоқда тенги йўқ ёшлар етишиб чиқишига янада катта ҳисса қўшайлик. Шунда мен фикрларим, ёзганларим билан кейинчалик ёлғончига чиқиб қолсам ҳам майли. Ортиқча ваҳима қилган бўлсам ҳам майли. Бунинг учун минг бор узр сўрашга тайёрман.

Izohlar

Bakhtiyor Sheraliev's picture
5

Assalomu alaykum Nurbek aka! Ajoyib mavzu bo'libdi! Yozish uslubingiz va yondashuvingiz juda samimiy va o'qishli. Gaplarning tuzilishi va tinish belgilari ham o'z o'rnida qo'llanilgan, blogpostdan uni ziyoli, o'qimishli odam yozgani shundoqqina ko'rinib turibdi. Shu bilan birga jamiyatimizdagi mavjud muammo chiroyli tarzda ko'rsatib berilgan. Men bu kabi yutuqlar bilan Sizni tabriklayman. Maqola menga juda yoqdi.