Порами бу, совға? Ёхуд коррупсия — инсоният вабоси

Аслонов Комилжон
5
O’rtacha: 5 (1 ovoz)

 

 

Нутқимизда “пора” деган бир калом борми, кимдир уни эшитган ҳамоноқ кайфияти тушиб, дили хира бўлса, яна ким учундир бу сўз одатий турмуш тарзида ишлатиладиган, унчалик ҳам аҳамиятга эга эмасдек гўё. Аммо шуниси маълумки, “пора” сўзи ижобий маъно англатувчи сўзлар сарасига кирмайди. Келинг, даставвал “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни варақлаб, бу сўзга берилган изоҳ билан танишайлик.
    Пора (форсча: майда пул, чақа; хайр-садақа: ришва, пора) — бирор ишни ноқонуний тарзда битириб бергани учун мансабдор шахсга бериладиган ёки берилган нарса ёки пул. ( “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, Тошкент, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2007 йил. 296-бет.) Бундан кўринадики, бу ёмон иллат нафақат бир инсоннинг балки, бир оила, бир маҳалла, бир юрт, боринки, бутун башариятнинг асл душмани, тўкин ҳаётининг кушандасидир. “Пора” сўзи билан яқин “қариндош” бўлган “порахўр”, “порахўрлик” деган ўзакдош сўзлар ҳам борки, бири бор жойда қолган иккиси ҳам ҳамиша ҳамроҳ. Бу уч “қадрдон” доимо биргаликда инсониятнинг эзгу фазилатларини емириб, хайрли амалларига қарши душман сифатида кураш олиб боради. Шу ўринда савол туғилади: “Нега “пора”, “порахўрлик” йўқолмаяпти? Бу ёмон иллатдан батамом қутилиш мумкинми ўзи?
    Тилимизда, нутқимизда “пора”, “порахўрлик” деган сўзлар ишлатиляптими, демакки бу иллатлар мавжуд, улар яшамоқда, уларнинг “илдизи” ҳали “озиқланмоқда”. Кези келганда, бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Инсонлар шу қадар топағон, уддабуронки, баъзида уларнинг бу топқирлигига қойил қолмай иложингиз йўқ. Келинг буни танлаган мавзуйимиз мисолида тушунтиришга ҳаракат қилай. Дейлик, бир мансабдор инсон унинг хизматига муҳтож бўлган бошқа бир инсоннинг ҳожатини чиқариб, эвазига бирор нарса ундирса-ю, сиз дабдурустдан унга “бу ишингиз нотўғри, ахир бу қип-қизил пораку?” десангиз ва “ҳой биродар, оғзингизга қараб гапиринг. Мижозим қилган яхшилигимдан миннатдор бўлиб, совға берса ёмонми? Сиз ўзи “совға” билан “пора”ни фарқига борасизми?” деган жавоб олсангиз, унинг бу топқирлигига ёқангизни ушламайсизми?! “Ана халос, унингча бу пора эмас, совға эканда” дея лол қоласиз албатта. Хўш сизнингча “пора” билан “совға”нинг фарқи нимада?
      Келинг, яхшиси сизга яна бир мисол келтириб, савол берай: Дейлик, мен “ёғлироқ” жойга ишга ўтишимга қўллаб юборган, “сахий” амалдор акамизни томоғи оғриб ётиб қолганида, ҳол-аҳвол сўраш илинжида кўргани борсаму, у кишига қуруқ қўл билан бормай дея мева-чева, иссиқ нон каби егуликлар билан бирга “бу сизга яхшилигингиз учун мендан туҳфа” деб ҳу-ув ўшанда келишилган “нарса”сини ҳам ортиқчаси билан қўшиб берсам... Хўш, айтингчи, сизнингча бу ҳақиқатан ҳам совғами, ёки пора?
      Ёки яна бир мисол: Бир вақтлар менга яхшиликлар қилган, орадан кўп йиллар ўтиб, бугун кексайиб қолган инсонни йўқлаб борсаму, унга “ менга кўп ёрдамингиз теккан, сиз туфайли шу даражаларга эришдим” дея бошига дўппи, эгнига зарбоп тўн кийдирсам... Хўш, бунисичи, совғами, ёки пора?
      Сезиб турибманки, кўпчилигингиз бу икки ҳолатдан қайси бири пораю, қайси бири совға эканлигини англаб етдингиз. Ҳа, англаганингиздек, поранинг ортида манфаат турса, совғанинг ортида иймоннинг белгиси бўлмиш саҳоват, меҳр-оқибат туради. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, биринчи акамизга туҳфа қилганим — “келишилган нарса” пора, иккинчи инсонга кийдирган дўппи ва тўн эса чин туҳфа, яъни совға бўлади.
      Поранинг нақадар жирканч иллат эканлигини яна бир бошқа мисол орқали англашга ҳаракат қилайлик. Аниқроғи, севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асаридан олинган қуйидаги парчага эътибор қаратайлик:
    “Бировга ордер бериш учун пора оладиганларнию, яхшироқ уйдан жой олиш учун пора берадиганларни ҳам, бировнинг боласини институтга олиб кириш учун пора оладиганларнию, ўзининг чаласавод боласини ўқишга жойлаш учун пора берадиганларни ҳам кўрдим. Бировга камёб нарсани навбатсиз тўғрилаш учун пора оладиганларнию, ўша нарсани бошқаларга уч баҳосига пуллаш учун пора берадиганларни ҳам, бировни амал столига ўтқазиш учун пора оладиганларнию, ўша курсига ўтириб, берганини ўн ҳисса қилиб қайтариб олиш учун пора берадиганларни ҳам кўрдим. Ўзининг қизи тенги ходимини дачасига судрайдиган ипирисқи амалдорларнию, ишини битириш учун бегона тўшакка бемалол ётадиган аёлларни ҳам, пора олиб қия бўлиб кетганларнию, яна пора бериб, қутулиб чиқиш йўлини топадиганларни ҳам кўрдим. Шунда дадамнинг титраб-қақшаб айтган гаплари нақадар рост эканини тушундим. Ҳамма-ҳаммасини тушундим...”
      Бир нарса аниқки, порахўрлик кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. Бу қабиҳ иллат эҳтимол, инсоният яралгандан буён у билан бирга ёнма-ён яшаб келаётгандир. Шунинг учун мен бу иллатни инсоният вабоси деб атадим, шундай аташни лозим топдим.
      Бугун бу салбий иллатни қоралаб, газета-ю журналларда, интернет саҳифаларида қатор мақолалар ёзилаётган бўлсада, радио ва телевидение орқали кўплаб дастурлар тайёрланиб, эфирга узатилаётган бўлсада, жумладан мамлакатимизда порахўрлик, коррупсияга қарши қатор қонун ва фармонлар жорий этилаётган бўлсада, аммо ўйлаган натижаларга тўла тўкис эришолганимизча йўқ. Биз ундан қутилишни истар эканмиз, аввало ҳар биримизнинг ўзимиз ўзимиздан бошлашимиз лозим бу иллатга қарши курашмоқликни. Пора билан топилган маблағ ва унга олиб ейилган таом ҳаром луқма эканлигини, оилада ҳаром луқма келганда эса файзу барокатлар кетиб, гўёки ҳеч ким билмаган, арзимасдек кўринган пора ортидан фалокатлар келишини унутмаслигимиз лозим. Ҳар бир инсон, ҳар бир ота-она, ўзи, оиласи, фарзандлари камоли, бахту-саодати учун қилган дуоларини ижобат бўлишини истар экан, аввало ейдиган таоми, луқмаси ҳалол бўлмоғини ҳам унутмаслиги жоиз. Демакки, бутун инсониятнинг фаровонлиги, оиланинг файзу-барокатига, оиланинг файзи эса қилинган эзгу ниятларнинг, дуоларнинг ижобат бўлишига, бу амалларнинг ижобат бўлиши эса кўп жиҳатдан истемол қилаётган таомимизнинг ҳалол бўлмоқлигига боғлиқдир.
      Барчамизнинг саҳоватимиз, бир-биримизга илинган туҳфаларимиз чин меҳримиздан бўлсин. Ейдиган таомларимиз, луқмаларимизни ҳалол, дуоларимизни ижобат бўладиганлар қаторидан қилсин.
 
Комилжон Аслонов

 

Izohlar

Bakhtiyor Sheraliev's picture
5

Blogpostda jamiyatimizning ajralmas qismiga aylangan korrupsiya haqida fikr yuritilgan. Uning naqadar keng tarqalgani buning oqibatlari haqida so'z yuritilgan. Aslida men ham korrupsiya tish-tirnog'im bilan qarshiman, lekin uni sof vijdon yoki yuksak tushunchalar bilan bartaraf etib bo'lmaydi. Kishi chuqur bilim olib borgan sari bir oddiy qoidani tushunadi, jamiyatda avvalo biologik qonuniyatlar amal qiladi, ana undan keyin ijtimoiy qonuniyatlar kuchga kiradi. Qayerdagi biologik qonuniyatlarni ifoda etish uchun imkoniyat qoldirilmas ekan, o'z-o'zidan ijtimoiy qonuniyat buzilib borilaveriladi. Masalan, tasavvur bir jamiyatda yigit kishi shaxsiy uyi, mashinasi va doimiy maoshi bo'lmaguncha uylanishini qonunan ta'qiqlansa nima bo'ladi? O'z-o'zidan zino, buzuqlik, faxsh keng quloch otadi, buni hech qanday ijtimoiy qonunlar bilan nazoratga olib bo'lmaydi. Qachonki yoshlarga o'zlari jismoniy balog'atga yetgach turmush qurish imkoniyati berilsagina bu muammo sekin astalik bilan bartaraf etiladi, ya'ni biologik ehtiyoj qonmaguncha hech qachon ijtimoiy ehtiyoj haqida o'ylab ham ko'rilmaydi. Juda ham och qolib ketgan odamning ovqat yeyishi kuzatganmisiz? U ovqatlanayot vaqtda hech qanday etikayu etiketga qarab o'tirmasdan, odob-axloqni ham unutib o'zini ovqatga yoki suvga uradi. Nimaga? Chunki yuqorida aytganimdek biologik qonuniyatlar har qanday ijtimoiy qonuniyatdan ustun turadi. Jamiyatni, ijtimoiy hayotni ana o'sha biologik mavjudotlar tashkil etilar ekan, uning qonunlarini avvalo mana shu biologik mavjudotning birlamchi ehtiyojlaridan kelib chiqib yaratish lozim bo'ladi. Qayerdaki bundan ayricha fikrlar yuzaga kelar ekan, o'sha jamiyatda qonunning hayotdagi tadbiqi kamayib boraveradi. Ana endi korrupsiyaga qaytadigan bo'lsak, avvalo jamiyatdagin korrupsiya illati yo'qotish uchun uni keltirib chiqarayotgan omillarni bartaraf etish kerak. Agar ana o'sha omillar bartaraf etilmas ekan korrupsiyani yo'qotishga qilingan harakatlar oqayotgan suv yuzasiga yozuv yozish bilan barobar bo'lib qoladi. Aslida blogpost muallifi korrupsiyani keltirib chiqarayotgan omillarga batafsil yondashsalar blogpostning salohiyati yanada ortgan bo'lar edi, lekin men ulardan ayni mendek fikrlashni talab qilish huquqiga ega emasman, lekin buni tavsiya qilaman.
Shunday bo'lsada blogpost juda chiroyli yozilgan, ayrim imloviy xatolarni hisobga olmasa yozilish uslubiga ajoyib. Muallifga ijodiy parvozlar tilab qolaman.

Komiljon01's picture
0

Эътибор ва самимий фикрлар учун ташаккур.