Atomning kuchini seriallarga ishlatgan millat

Xurshidbek
5
O’rtacha: 5 (1 ovoz)

Анча вақтдан бери ижтимоий тармоқларда эзилаётган бир мавзуга тўхталиб ўтишга қарор қилдим. Мавзу — «Маънавиятимизга тўғри келмайдиган хориж сериаллари». Шахсан мен яқин йиллардан буён телевизор кўрмай қўйган бўлсамда, эфирга узатилаётган бирор дастурига кўзим тушиб қолгудек бўлса, кўнглим ағдарилгудек бўлади. Ҳаммаси бир-бирга ўхшаш, сийқаси чиққан кўрсатувлар, кинолар. Бироқ ҳозир сериллар ҳақида ёзмоқчиман. Турк ва ҳинд сериаллари ҳақида. Бундан бир неча йиллар олдин Туркия билан муносабатларимиз ўртасидан «ола мушук» ўтганида ТВдаги барча турк сериаллари келган жойида тўхтатиб қўйилган эди. Аниқ эслайман, ўшанда оиламиз «Кумуш» деган сериалини кўраётган эди.Ундан кейин «Ишани»ни узиб қўйишди (менга қолса шу сериални плёнкасини ёқворишса ҳам майлия). Яқинда эса туркларнинг «Кара севда»си… Юқорида айтганимдек телевизорда сериал кўрмайман, лекин бошқаларнинг кўришига қарши ҳам эмасман. Бу уларнинг танлови. Уни чеклашга на менинг, на бирор бир амалдорнинг ҳақи бор. Сериал бадиий кенгашдан ўтдими, эфирда узатила бошладими, нима қиласан бу ёғига аралашиб. Ҳеч ким сени «шу сериални албатта кўргин» деб мажбурлаётгани йўқку! Кўрма, бошқа каналга ол, тамом. Шу ҳам муаммо?! Энг алам қиларлиси ярмига етган сериалнинг «маънавиятимизга зид» деган тамға билан олиб ташланиши. Тўхтанг, кечирасиз! Бутун бошли маънавиятини белгилаб бериш сизларга қолдими? Ўзбек филмларида маънавият уфуриб ётибдимики, бошқаникига ёпишасиз. Бундан 2—3 йил олдин «Маҳобҳорат» деган сериалнинг янги талқини қайсидир ўзбек каналларида айланган эди. Бир-иккита сериясига ҳам кўзим тушган, бироқ салбий бирор нимани кўрмаганман. Ҳинд халқининг минг йилли эпосини, замонавий ижодкорлар қўлидан келгунича одамларга қизиқарли қилиб сериал тарзида ишлаган. Нима эмуш? Маънавиятимизга тўғри келмасмуш. Нима бўлди охири — сериал телеканал жадвалидан олиб ташланди. Қуйидаги постима айнан шу сериал ҳақида ёзишга қарор қилдим.

Бу сериал ҳиндларнинг бир неча минг йиллик (эрамиздан аввалги 2 мингйилликда ёзила бошлаган) эпоси асосида ишланган. Уни ҳиндларнинг бошқа “Ишани” ёки “Келин” каби сериаллари билан таққослаш ноўрин. Ҳар бир халқнинг оғзаки ижоди-фолклор, эпослари, достонлари бўлади. Бу фақат ўша минтақа учун хос бўлибгина қолмай, неча мингйилликлардан бери ўзаро курашаётган “яхшилик ва ёмонлик”нинг абадий жангини ўзида намоён қилади. Асосий мазмун шу — яхшиликнинг ғалаба қозониши! Сюжетнинг қолган қисми майда-чуйдалар. Ўша майда-чуйдаларга ёпишиб олиб бутун бошли эпосни, эпос орқали ҳинд халқини ёмон отлиқ қилиш тўғримикан? Ўша вақтда томошабинлар ёпишиб олган бир лавҳа бўларди: “Бир қизга беш пахлавон уйланади”! Ёпишиб олишган жойи шу! Ҳей, биродар Ўзимизнинг достонларни ўқиб кўрганмисиз ҳеч? Мен сизга бир нечта мисол келтираман.

Алпомиш достони:

“...Кўкалдош алп туриб айтди: “Бундай далада чатоқ қилиб юрганимиз бўлмас. Юринглар, тўқсонимиз ҳам борайлик. Ўзбекнинг қизини ё биримиз олайлик, ё баримиз олайлик. Ўртада жавлик хотинли бўлиб қолайлик деб, жавлик отланди...”

Сериалнинг яна бир жойини чайнашган эди. Шаҳарни босиб олиб, маликалардан бирини мажбурлаб хотинликка олишмоқчи бўладиган жойи бор. Бизнинг достонларда бу каби эпизод йўқ деб ўйлайсиями?

“Равшан” достони:

“... Э болам, Равшанжон, муддаонг Авазнинг қизи—Гуланор бўлса, асло ғам ема!  Мана мен, мен борайин отангнинг орқасидан; унинг қизида нимаси бор экан? Тортиб олиб бўлса ҳам Гуланорни сенга олиб бераман...”

Ҳамманинг олида қизнинг сарисини ечиб олишга ҳаракат қилган жойичи? Менталитатимизга умуман тўғри келмайди дейишганди. Динимиз бундай нарсани қоралайди дейишганди. Унақада никоҳдан ўтмасдан туриб йигит ва қизнинг бирга бўлишини оқлайдими?

“Равшан” достони:

“...бир неча кунни Равшанбек Зулхумор билан шод-хуррам ўтказади. Равшанга кўп илтифот қилса-да, унинг эътиборини қозона олмаган ҳасадгўй Оққиз аламидан Зулхуморнинг боғида ўзбек йигити яшаётганлигини онасига айтиб беради. Онаси ҳамма гапни Қорахонга етказади. Қорахоннинг мирғазаблари Равшанни Зулхумор билан ухлаб ётишган жойида банди қиладилар. Подшо йигитни осишга буюради. Шунда Ширвон катталари: Йигитни ўлдиришга шошмаслик керак, ёш йигит экан, қирқ кун муҳлат бериб, зиндонга ташласак, сўнг чиқариб сизнинг динингизга киришини сўрасак, кўнса, сизга куёв қилсак, деб маслаҳат солишади...”

 

Эпослар асосида ишланган сериаллар ёшлар онгини бузадиган бўлса, бошқа оддий ценарий асосида суратга олинган филмларни яқинига ҳам йўлаб бўлмас экан-да? Раж Капур, Амитабх Баччан киноларини кўриб катта бўлган ўрта ёш авлоднинг ҳаммаси тиламчи, масхарабоз ёки босқинчи-ўғри бўлиб кетишдими?! Қачонгача фарзандларизга энг сара меваларни ўзиз танлаб берасиз?  Ундан кўра ўзига танлашни ўргатинг. Уни кўриш керак, буни кўрмаслик керак... Ҳар қандай ижод асаридан маънавий озуқа олса бўлади, эпосларни-ку гапирмайман. Маҳобҳорат сериалида қасоскорлик руҳи уфуриб туради деди яна биттаси. Кечирасиз, қасоскорликдан кўра кечиримлилик кўпроқ эмасми? Қасоскорлик қанақа бўлишини биласизми?

“Кунтуғмиш”:

...Азбархўжани зиндондан олиб чиқдилар. Кунтуғмиш икки ўғлига буюрди: “Менинг дўстимдан ўчларингни олинглар. Мен дўстлик отини тутганман, қошига бормайман, юзини кўрмайман...”

Шунда Моҳибой билан Гуркибой қўлларига ханжарни олиб, Азбархўжанинг қошига борди. Айтди: “Ҳув отамнинг дўсти, бизларни танийсанми? Бизлар Зарчаманнинг чўлида эмаклаб йиғлаб қолларган боллар бўламиз. Сенинг шу қилган “яхшилигингни” қайтармоқчи бўлиб келдик”, деб... икки бола Азбархўжани босиб олди. Бақиртириб, тилини кўмаклайидан кесиб олди. Азбархўжа гапиролмай, ҳўкиздай бўкириб-бўкириб, итдай бўлиб ўлиб қолди. Гавдасини ўтда куйдириб, кулини шамолга учириб юборди...”

Эпослар халқ менталитетига шунчалик зарар экан нега унда бутун дунё ўрганади? “Маҳобҳорат” ёки “Рамаяна”ни ўқиб индуист бўлиб кетган бирорта оврўпалик ёки японни биласизми? Сериалдаги нард саҳнаси қиморбозликни тарғиб қилади, бизга тўғри келмайди дейдиганлам бўлганди. Хўп, унда бу нима?:

“Кунтуғмиш”:

“...Холбека подшо юборган совчиларга “Нардда ютса тегаман” деб жавоб берди. Подшо:

-Э умароларим, э вазири доноларим, бу ишнинг охири қандай бўлади? Бориб нардини ўйнасак, утдирсак, бизни шоҳ деб сийламаса, қўяйлик десак, ишқибозлик ёмон бўлса, борса қўйсак, бир кун ўзбак-чўзбак, карвон-сарвон, қозоқми-сузоқми-биров келиб утиб олиб кетса, бу қандай бўлади?,-деди.

Аркони давлат шу маслаҳатни айтди:

-Тақсир подшойим, бунинг иложи шулки, бахтини боғланг, ҳеч ким Холбека деб отини айтолмасин, балки шу шаҳарга келолмасин, ўзи ҳам тўрт-беш йил ўтгандан кейин, эр талаб бўлиб, сизга тегмай кимга тегади,-деб маъқул қилди...”

 Санъат миллат танламагани каби дин ҳам танламайди. Қачонгача ўз қобиғимизга ўралиб яшаймиз? Бугун “Маҳобҳорат” эртага “Рамаяна”, индинга “Одиссей”, ундан кейин “Илиада”... Келинглар яхшиси атрофимизни деворлар билан ўраб чиқиб, шунинг орасида яшаймиз дерсиз. Яна бир киши эпосда ўз жони, манфаати учун бошқаларни қурбон қилиш тарғиб қилинган деб уни томоша қилган халқни тошбўрон қилишига оз қолганди. Шу жойига яня бир мисол келтимасам бўлмас:

Алпомиш достони:

 “...Бойсари алпларга нима деб жавоб бериш учун қавмидан маслаҳат олади. Оқсоқллар қизингни беравер дейишади. Шунда Барчин келиб:

Жуда ҳам гангиди, бой ота, бошинг,

Маслаҳат берди-ку қавми-қариндошинг,

Кўп йиғлама, жоним отам, дарвишим,

Ешитмагин қариндошлар сўзини,

Қариндошлар бера қолсин қизини!..

Бу сўзни Барчиндан эшитиб, ўн минг уйли Қўнғирот ҳазар қилди: -Бу ҳам Ўзбошимча жувормак, алпларга баланд-паст гапирар, бунинг касофатига ҳаммамизни оёқости қилиб босиб кетар. Жавоб бергич бўлса, бизнинг ичимиздан чиқиб, холис ерда туриб жавоб берсин”, -деди. Ўн минг уйли Қўнғиротдан чиқариб, Барчинни ўтовини кўтариб, ҳў,анадай овлоқ тепанинг бошига тикиб қўйди...”

Халқ оғзаки ижоди бундан минг йил аввал ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Мин топаман десангиз ҳаммасидан ҳам топсангиз бўлади. “Аввал пичоқни ўзингга ур, оғримаса бошқага”. Лекин умриз мана шунақа “пичоқбозлик” билан ўтиб кетишига ачинмайсизми? Бизга энг мухими дунёда яхшиликнинг борлиги ва унинг ғалабаси эмасми?

 

 

 

 

Izohlar

Bakhtiyor Sheraliev's picture
5

Assalomu alaykum Xurshidbek (agar mendan katta bo'lsangiz ismingizni atab chariqganim uchun uzr), to'g'risini aytsam avval boshqa yana serialni yomonlovchilarning maqolasimikan deb boshlab, butkul boshqa kayfiyat bilan tugatdim. Chinimni aytaman, anchadan beri bunaqasini o'qimagan edim. Tasanno! Blogpostda mavzuni juda chiroyli ko'targansiz, chiroyli tarzda tahlil etib beribsiz, keltirilgan misollar va ularga javob tariqasida milliy dostonlarimizdan lavhalar maqolaning uzugiga ko'z qo'ygandek tushibdi. Maqolada ko'tarilgan masala yuzasidan ayni bir fikrda ekanmiz. Chunki hamma narsadan salbiy jihatni qidiraveradigan odamlar juda xavfli bo'lishadi. Biz demokratik davlatda yashayapmizmi demak boshqalarning huquqlarini hurmat qilishimiz kerak, bizning huquqlarimiz boshqa birovning huquq chegarasiga borganda tugashini tushinib yetishimiz SHART! Masalan, shaxsan menga o'ldim kuydim seriallari umuman yoqmaydi, shunday ekan tamom deymanda televizorni o'chiraman, lekin bu serialni ko'rishni kimgadir hech qachon ta'qiqlamayman, bunga mening haqqim ham yo'q. Oila a'zolarimga esa uning salbiy tomonlari mavjud bo'lsa takliflarimni aytib maslahatlashaman, lekin ularga bu serial yoqib uni tomosha qilamiz deyishsa hech qachon qarshilik qilmayman. Chunki oilada berilgan to'g'ri tarbiya 45 minutlik serial bilan buzilib qolmaydi-ku! Aslida mana shu milliy ma'naviyatimizga to'g'ri kelmaydi deb jar solayotganlardan milliy ma'naviyat nima deb so'rab ko'rsangiz tayinli biror gap ayta olishlariga shubham bor, kamiga ularning Internetda tomosha qiladigan narsalari oldida ushbu seriallar misoli "Otalar so'zi - aqlning ko'zi" ko'rsatuvining o'zi.
Blogpostni o'qib bir narsaga afsuslandim, taassufki olti baho qo'yish imkoni yo'q ekan, shu bois besh bilan kifoyalandim. Ijodingiz omadlar tilab qolaman. Blogpostingiz g'oliblar qatorida bo'lishiga chin dildan tilakdoshman!